• Марҳамат тумани Мингтепа МФЙ Бобуршоҳ кўчаси 41-уй
  • (74) 391-25-00

ДУНЁ ТИЛЛАРИ ИЧРА ДУРДОНАСАН, ОНА ТИЛИМ!

21 октябрь куни Марҳамат тумани Қорақўрғон Маданият марказида «Ўзбек тили байрами куни» муносабати билан «Дунё тиллари ичра дурдонасан, она тилим!» шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Марҳамат тумани ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман ХТБ, туман МТБ ҳамда туман Маданият бўлими масъуллари иштирок этишди.

Ушбу тадбирни Марҳамат тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ўғилой Қурбонова ўзининг кириш сўзи билан очиб, ўзбек тилининг тарихи, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни ва унга киритилган ўзгартиришлар ҳақида гапириб ўтди.

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси мутахассиси Эргашой Маликова шеърий сатрлар билан олиб борди.

Шундан сўнг, тадбирнинг бадиий қисми бошланиб, ўзбек тилининг тарихига оид видеолавҳа намойиш этилди. Тадбирда 6-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчилари она тилимизнинг равнақ топишида катта ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг сиймоларини гавдалантириб бердилар. ЎзМТДП туман Кенгаши раиси О.Солиева «Алла» қўшиғини ижро этди. Тадбир давомида 72-сонли ИДУМ ўқувчилари томонидан «Она тилим», «Андижоним», «Ўзбекистон» қўшиқлари куйланди. 31-сонли ДИМИ ўқувчилари она тилимизни улуғловчи шеърлар, челленжлар айтишди.

Шунингдек, 27-сонли ДМТТнинг жажжи болажонлари ўзларининг миллий рақсларини, 42-умумтаълим мактаби ўқувчилари «Йўқолган ручка» номли саҳна кўринишларини намойиш этиб, барча томошабинларни эътиборини тортдилар. Қорақўрғон Маданият марказининг ходимлари томонидан гўзал куй ва қўшиқлар ижро этилди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ўзбек тилимизнинг улуғворлиги ва қанчалик бой тил эканлиги ҳақидаги нутқи намойиш этилди.

Тадбир якунида Марҳамат тумани ҳокимининг маслаҳатчиси Ўғилой Қурбонова томонидан тадбир иштирокчилари, маънавият ҳамда она тили ва адабиёти ўқитувчиларига, шунингдек, тадбирда фаол қатнашган ўқувчиларга туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Ушбу тадбир ташриф буюрган барча меҳмонлар ва қатнашчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech